ТОШКЕНТ, 23 июл – Sputnik. Сўнгги ярим йилликда Ўзбекистон олтин экспорти ҳажмини кескин оширди. Бу ҳақида Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботида хабар қилинган.
2019 йилнинг биринчи ярмида экспорт миқдори $ 8,4 миллиардни ташкил қилди. Ўсиш суръати - + 27 %. Шундан $2 миллиарди – олтин экспортига тўғри келди. Пахта экспорти эса - бор йўғи $222 миллионни ташкил қилди.
Бир вақтлар Ўзбекистон катта ҳажмда “оқ олтин” экспорт қилган бўлса, энди катта ҳажмда оддий олтин экспорт қилмоқда. “Оқ олтин”нинг асосий қисми эса – Республика ичида қайта ишланиб тайёр маҳсулот сифатида сотилмоқда. 2019 йилнинг биринчи ярмида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми $ 770 миллионни ташкил қилди.
Шунингдек, экспорт таркибида хизматлар (туризм ва транспорт) - $ 1,5 млрд, энергия манбаалри - $ 1,4 млрд, озиқ-овқат маҳсулотлари – салкам $ 800 миллионни ташкил қилди.
Экспорт географиясига келсак, энг кўп озиқ-овқатлар – Қозоғистон (13 %), Қирғизистон (10%) Россия (6%), Покистон (5%) ва Афғонистонга (4%) юборилган.
Тўқимачилик маҳсулотларининг асосий экспорт бозори – Россия $ 300млн, Хитой – $ 211 млн, Туркия $ 80 млн., Қирғизистон – $ 43 млн.
Импорт таркиби
Биринчи ярим йилликда импорт ҳажми $ 11,2 млрд.ни ташкил қилди, ўсиш суръати - 32 %. Импортнинг асосий таркиби жевачка ва сникерс эмас, балки машина, аспоб-ускуналар ва уларнинг қисмлари бўлди - 44 %, кимё саноати маҳсулотлари – 13 % ва озиқ-овқат маҳсулотлари – 8 %ни ташкил қилди.
Импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг катта улуш буғдой ва унга тегишли бўлди – $ 229 млн. Шунингдек шакар хом ашёси – $ 82 млн, тайёр ҳайвон еми – $ 70 млн, чой - $ 23 млн ва картошка - $ 13 млн.
Кимё маҳсулотлари орасида энг катта улуш – фармацевтика маҳсулотлари ($ 487 млн), пластмасса буюмларга ($ 365 млн ) тўғри келди.
Машина ва аспоб ускуналарнинг асосий қисми – автомобил эҳтиёт қисмларига тўғри келди – $ 424 млн. Шунингдек кондиционер, совутгич ва музлатгичлар – $ 304 млн., Тўқимачилик толасини қайт ишловчи ускуналар – $ 262 млн., вертолётлар – $ 262,5 млн, юк ва махсус автомобиллар – $ 239 млн., долларни ташкил қилди.