ТОШКЕНТ, 22 июл – Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева РФнинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев билан учрашди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шу жумладан халқаро парламент тузилмалари доирасида ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Россия давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги мулоқотни фаоллаштиришда парламентларнинг ўрни ва аҳамияти ҳам тобора ошиб бормоқда.
“Учрашувда жорий йилнинг кузида Федерал Мажлис Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко бошчилигида Россия Федерацияси парламенти юқори палатаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди”, - дейилади Олий мажлис сенати матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро муносабатлар янги босқичга кўтарилгани қайд этилди.
Жумладан, Олий Мажлис Сенати делегациясининг 2018 йил ноябрда Россия Федерациясига амалга оширган ташрифи доирасида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди, шунингдек, Олий Мажлис Сенати ҳамда Федерал Мажлис Федерация Кенгаши ҳамкорлиги бўйича комиссиянинг мажлиси ўтказилди.