ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев келаётган ҳафтада Россияга учишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилди, деб хабар берди Sputnik Қирғизистон мухбири.
Собиқ давлат раҳбари ўз режаси ҳақида гапирган видео "Короче" деб номланган Telegram-каналда эълон қилинган. Атамбаев "халқ штаби" деб ном олган штаб жойлашган Қой-тошдаги уйидан чиқиб, журналистларнинг саволларига жавоб берган.
Атамбаевнинг айтишича, у аввал режалаштирганидек, бир-икки кунлик сафарда бўлади.
"Менинг учишимни ҳамма ҳам хоҳлаётгани йўқ. Лекин, ўйлайманки, ҳаммаси нормал бўлади, мен шуни биламанки, мени таклиф этаётган одамлар у ёққа учишим ва қайтишим нормал кечишини ташкиллаштириб берадилар", - деб айтган Атамбаев.
Илгарироқ, 15 июль куни, Атамбаев агар бунинг имкони бўлса мамлакатни икки кунга тарк этишни режалаштираётгани ҳақида маълум қилган эди. Собиқ президент Қирғизистонни бир умрга тарк этишни режалаштирмаётганини ҳам қўшимча қилганди. Ўшанда ОАВда Атамбаев Россияга Евроосиё банки бошқарув раиси Андрей Бельяниновнинг таклифига биноан боришни режалаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.