ТОШКЕНТ, 19 июл – Sputnik. Ветеринария давлат қўмитаси “Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар миқдори ва шартлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” идоралараро қарор лойиҳасини тайёрлади.
Ҳужжатга ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар миқдори ва шартлари тўғрисидаги низом илова қилинган.
Қайд этилишича, юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун сақлаётган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўпайтираётган, боқаётган ҳайвонлари идентификация объекти бўлиб ҳисобланади.
“Ҳайвонларни идентификация қилиш хизматлари учун ҳайвон эгаларидан қуйидаги миқдорларда тўлов ундирилади:
- йирик шохли моллар, от, эшак ва туялар - Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 2 фоизи;
- майда шохли моллар, чўчқа – БҲМнинг 1,5 фоизи;
- ит ва мушуклар – БҲМнинг 1 фоизи.
Ҳайвонларни идентификация қилиш хизматлари ветеринария муассасаси ва ҳайвон эгалари ўртасида тузилган шартномага асосан амалга оширилади”, - дейилган ҳужжат лойиҳасида.