ТОШКЕНТ, 17 июл – Sputnik. Умра сафарига кетганлар ортидан йирик маблағни ўзлаштирган фирибгар қўлга тушди.
ИИВ хабарига кўра, 27 май куни Шайхонтоҳур туманида яшовчи 34 ёшли И.Н. исмли аёл ўзи раҳбарлик қилаётган Star Tour МЧЖ биносида Бухоро туманида яшовчи 32 ёшли А.Н.га Умра сафарига кетган 24 нафар фуқароларни Саудия Арабистонида жойлашган меҳмонхонага жойлаштириш учун пул кераклигини айтиб, ундан қарз сўраган.
У қарзни тез кунда қайтаришини айтиб, алдов йўли билан 61 минг долларни олган. Натижада эса пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
“Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, И.Н. исмли аёл қўлга олинган”, - дейилади хабарда.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда 1,08 миллиард сўмни ўзлаштириб юборган тадбиркор қўлга олингани ҳақида хабар қилган эдик.