ТОШКЕНТ, 17 июл – Sputnik. Краснодар аэропорти орқали қоплон ва йўлбарс болаларини олиб чиқишга ҳаракат қилган Ўзбекистон фуқароси ушланди, деб хабар қилди Краснодар божхона хизмати матбуот хизмати.
Таъкидланишича, Краснодар аэропортида божхоначилар томонидан “яшил йўлак” орқали ўтаётган 1985 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросига тегишли қўл юки божхона кўригидан ўтказилди.
Қўл юклари орасида ҳайвонларни олиб ўтиш учун мўлжалланган икки дона контейнер борлиги аниқланди. Контейнер ичида уч бош йирқич ҳайвонларнинг болалари бўлган.
Краснодар ҳайвонот боғи бошлиғининг хулосасига кўра, аниқланган ҳайвонлар - икки боши 1,5 ойлик қоплон (Panthera pardus) боласи ва бир бош 2,5 ойлик оқ йўлбарс (Panthera tigris tigris var. Alba) боласи эканлиги маълум бўлди.
Қоплон Россия Федерациясининг Қизил китоби ва ўта қиммат йиртқич ҳайвонлар рўйхатига киритилган.
Жониворлар Краснодар ҳайвонот боғига жойлаштирилди, ҳозир уларнинг аниқ қиймати ҳисобланмоқда.
Йиртқич ҳайвонларни чегарадан олиб ўтишга уринган шахсга қўлга олиниб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Жиноий иш материаллари транспорт прокуратурасига юборилди.