ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришнинг янги дастури ишлаб чиқилди, бошқа мамлакатлардан келадиган меҳмонлар оқими 10 миллион кишига ортиши мумкин. Республика президенти Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатлар туризм бўйича кенгаши ва унинг доирасида ўтказилган Биринчи туристик ярмарка якунлари билан танишиб чиққач тегишли топшириқларни берган. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов маълум қилди.
Тадбир Самарқандда 10-11 июль кунлари бўлиб ўтди, унда туристик соҳа ривожланишини тартибга солувчи идоралар ходимлари, шунингдек, туристик бизнес вакиллари ва таълим сектори вакиллари - ушбу соҳа учун кадрлар тайёрлаш билан шуғулланувчи 11 ОТМ ректорлари иштирок этдилар.
Азиз Абдуҳакимов ўн миллион турист - эришса бўладиган рақамлар эканини айтди, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири. Қайд этилишича, жорий йил якунлари бўйича ушбу кўрсаткич 6,4-6,5 миллион кишини ташкил қилади.
"Биз кўпроқ зиёрат-туризм, агро-туризм, этно-туризм устида ишлашимиз керак — мана шулар мамлакатга кўпроқ меҳмонларни жалб этади. Кейинги йўналиш — Ўзбекистонга йўл очиш учун логистика билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишимиз керак. Биз қитъа ўртасида жойлашганмиз, авиачипталар жуда қиммат, миллий авиаташувчимиз монополияси мавжуд. Биз бу ерда ақл билан иш тутмоғимиз лозим, токи миллий авиакомпания бозорда устуворликка эга бўлсин, шу билан бирга эркин рақобат бўлсин ва чет эл авиакомпаниялари ўзбек бозорига тўсиқларсиз кириб келсинлар", - деди бош вазир ўринбосари.
Бундан ташқари кўпроқ меҳмонхоналар қуриш лозим. Ҳозирда тадбиркорларга имтиёзлар таклиф этишмоқда - мисол учун компенсациялар: уч юлдузли меҳмонхонанинг битта номери учун - 40 миллион сўм, 65 миллион эса тўрт юлдузли меҳмонхона номери учун.
"Бу имтиёз иш беришни бошлади. Бугунги кунда ўнта меҳмонхонадан ариза келиб тушган, биз уларнинг барчасини қоплаб берамиз. Яна ўттизтаси тайёргарлик кўрмоқда", - деди Абдухакимов.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда хостеллар фаолиятига талаблар соддалаштирилди, шу туфайли хостеллар сони бирданига "қўзиқорин"дек кўпайди. Шунингдек, Airbnb тизими жорий этилган бўлиб, шу туфайли, маълум талабларни бажаргач меҳмонларни мамлакатнинг ҳар бир фуқароси қабул қилиш имконига эга бўлади.