ТОШКЕНТ, 5 июл – Sputnik. Tashkent City ҳудудидаги 4-лотда қурилиши бошлаган ва Марказий Осиёдаги энг баланд бино бўлиши кутилаётган бино жуда мустаҳкам бўлади, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Murad Buildings компанияси раҳбари Мурад Назаровнинг сўзларига кўра, бинонинг мустаҳкам ва зилзилага дош беришига тўғрисидаги масалаларга алоҳида эътибор берилган ва бу асосий лойиҳанинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олинган.
“Tashkent city᾽ ҳудудидаги 4-лотда амалга оширилаётган қурилиш пойдеворларига Эйфель минорасига сарфланган ёки 7,5 минг километрни ташкил қилувчи темир ишлатилади. Бу Туркияга бориб, қайтиб келишдан ҳам узунроқ дегани. Бу ўзига яраша жиддий лойиҳа”, - деди Мурад Назаров.
Бундан ташқари, пойдевор мустаҳкам бўлиши учун 700 маркали бетон ишлатилади.
Унинг маълум қилишича, қурилиши бошланган объектнинг пойдевори 20 метр чуқурликда, яъни 4 қават пастда қуйилади. Жорий йилнинг куз ойига қадар осмонўпар бинонинг пойдевори қуйилиши режалаштирилган.
“Тахминан ноябрь ойидан бинони қаватма-қават кўтара бошлаганимизда ҳамюртларимиз шуни гувоҳи бўлишадики, ҳар 2 ва 3 кунда бинонинг бир қавати кўтарилади”, - деди Murad Buildings компанияси раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Tashkent City᾽да Марказий Осиёдаги энг баланд бино қурилиши бошлангани хабар қилинган эди.