ТОШКЕНТ, 2 июл - Sputnik. Энергетика вазири ўринбосари, "Ўзатом" агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 1-2 июл кунлари Вена шаҳрига ташриф уюштирди, деб хабар қилди ТИВ матбуот-хизмати.
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маълумотига кўра, делегация Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) бош директори ўринбосари, гаровлар департаменти директори Массимо Апаро, ядро энергияси бўйича дивизион директори Хан Дохи, ядро инфратузилмасини ривожлантириш секцияси раҳбари Милко Ковачев ва агентликнинг бошқа таркибий тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказган.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда ядро инфратузилмаси тармоғи ривожланаётган бир вақтда мамлакатнинг МАГАТЭ билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Ўзбекистон томони миллий ядро-энергетик дастурнинг ривожланиш ҳолати, хусусан, биринчи АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш, кадрларни тайёрлаш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий базани ривожланиши ҳақида маълумотларни тақдим этган.
Ўзбекистон томони АЭСни жойлаштириш учун ўтказган муҳандислик қидирув ишлари, атом энергияси соҳасида давлат бошқарув органлари ва уларни ривожлантириш, кадрларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, қонунчилик асосларини такомиллаштириш ва бошқа йўналишларга алоҳида тўхталган.
Хабарда айтилишича, мунтазам мулоқот ва ахборот билан ўз вақтида алмашиб туриш мақсадида, Австриядаги Ўзбекистон элчихонаси тузилмасига МАГАТЭ билан ҳамкорлик учун масъул бўлган дипломат лавозими киритилган.
Ўтказилган учрашув ва музокаралар якунига кўра, миллий ядро-энергетика дастурларини такомиллаштиришга қаратилган ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган ва профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича қатор тадбирлар бўйича келишувга эришилган. Бундан ташқари, "Ўзатом" агентлиги Австриядаги Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда 2019-йилнинг сентябрида ўтказиладиган 63-МАГАТЕ Бош анжумани доирасида алоҳида халқаро тадбир (side event)ни ташкил этиш бўйича ишлар бошланиши режалаштирилган.