ТОШКЕНТ, 28 июн – Sputnik. Фуқароларга пенсия ва нафақа тайинлаш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 17 майда рўйхатга олинган “Пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ҳамда пенсия хужжатларининг шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари” тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар билан жойларда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатилишида сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш хамда уларга қулайликлар яратишни кучайтириш мақсадида пенсия ва нафақалар тайинлашда тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиш бўйича қуйидаги тартиблар бекор қилинди:
- фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия китобчаси нусхаси тақдим қилиниши;
- фуқаронинг меҳнат дафтарчаси нусхасини тақдим қилиниши;
- фуқаронинг яшаш жойи бўйича ҚФЙ, МФЙ, ОФЙлардан маълумотномани тақдим қилиниши;
- вафот этган фуқаронинг ўлим тўғрисидаги гувоҳноманинг асли.