Европаликлар - қатъиятсиз халқ: Россиянинг ПАСЕга қайтиши учун овоз бердилар. Албатта, ҳали ҳаммаси у қадар ёмонмас: Европада ҳали ҳам мустаҳкам ва қатъий, шимолий атлантика инсонияти идеалларига мафкуравий жиҳатдан содиқ бўлган давлатлар бор, албатта. Улар мағрурлик билан ўз принциплари ва эътиқодларини ўзгартиришни истамадилар.
Эстония, Грузия, Латвия, Литва, Польша ва Словакия делегациялари Украина ортидан ПАСЕ сессиясини тарк этишга қарор қилдилар. Тегишли баёнот Facebookда Украина делегацияси раҳбари томонидан эълон қилинган.
Бу воқеа Парламент ассамблеяси Россия делегациясининг ваколатларини тўлиқ ҳажмда тасдиқлаш ҳақидаги резолюцияни қабул қилгандан сўнг рўй берган.
Сал кейин Словакия парламенти спикери Андрей Данко делегация ПАСЕни Россия туфайли тарк этган деган маълумотни рад этган. Данко ва ПАСЕда словакия делегациясига раҳбарлик қилган Любоша Благининг қўшма баёнотига кўра, делегациянинг аксарият аъзоси Россия делегацияси ҳуқуқлари қайтарилиши учун овоз берган, делегациянинг фақат бир аъзоси - Мартин Полячик қарши овоз берган. Худди шу Полячик ўз мансаб ваколатларини суъиистеъмол қилган ҳолда, сессияни тарк этган бошқа олти давлатнинг қўшма ҳужжатини имзолаган.
Стратегик режалаштириш институти директори, сиёсий фанлар доктори, профессор Александр Гусев Sputnik радиоси эфирида қатор давлатларнинг ПАСЕ сессиясини тарк этиши - ҳеч қандай мантиқ ва амалий маънога асосланмаган намойишкорона ҳаракат, дея фикр билдирди.
"Ушбу демарш ҳеч қандай натижага олиб келмайди. Уларнинг биронтаси ПАСЕни тарк этишни режалаштирмаяпти, улар ўз ишини давом эттиради. Агар улар июнь ойидаги сессияда иштирок этишмаса, кузда ўтказиладиган сессияга, Страсбургга келишади. Ва худди ҳозиргидек Россия делегациясига қарши туришади ‒ улар аслида эрксиз одамлар. Ўша давлатлар фуқаролари, ўйлайманки, уларнинг унчалик мантиққа асосланмаган ва конструктив бўлмаган ҳаракатларига ишора кўрсатишади", - деди Гусев.
Эслатиб ўтамиз, бундан беш йил олдин Украина ва бир қатор ғарбий мамлакатлар ПАСЕда Россия делегациясининг ваколатларини чеклашга даъват қилишган ва ушбу таклиф кўпчиллик томонидан қўллаб-қувватланган эди. Шундан сўнг Россия делегацияси ушбу ташкилотни тарк этган эди.