ТОШКЕНТ, 26 июн - Sputnik. Туркияда фабрикада юз берган ёнғин оқибатида ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Мамлакатнинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2019 йил 22 июнь куни эрта тонгда Буюкчекмеже туманида жойлашган фабрикада юз берган ёнғин оқибатида 1981 йил 15 мартда туғилган Ўзбекистон фуқароси Ғофур Тўраевич Турсунов ҳалок бўлган.
Маълум қилинишича, Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мазкур ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган.
“Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва ҳозирги вақтда марҳумнинг қариндошлари билан фуқаромиз жасадини дафн этиш учун Ўзбекистонга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий масалалар устида ишлар олиб бормоқда”, - дейилади ТИВ хабарида.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти Туркия, Болгария, Руминия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Истанбул шаҳридаги мамлакатимиз Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75.