ТОШКЕНТ, 26 июн – Sputnik. Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги дала ҳовлиси олдида юздан ортиқ киши тўпланди. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон мухбири хабар қилди.
Собиқ президент уйи яқинига одамлар машиналарда келмоқда. Ҳовлига матраслар олиб келинди. Бир сутка давомида Атамбаевнинг уйи девори бўйлаб бетон плиталар пайдо бўлди. Катта юк машинада тошлар олиб келинди.
Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида кўп саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Атамбаев қўлга олинадиган бўлса, унинг тарафдорларига бу тошлар қаршилик кўрсатиш учун керак бўлиши мумкин деган тахминлар билдирилмоқда.
Атамбаевнинг маслаҳатчиси Кундуз Жолдубаеванинг сўзларига кўра, уй ҳовлисида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва пойдевор қуриш учун тошлар олиб келинди.
Бундан ташқари уй яқинида журналист ва тарафдорлар учун штаб ташкил этилди.
Ўтган шанба, 22 июнь куни 300 яқин тарафдор Атамбаевнинг Қўй-Тош қишлоғидаги дала ҳовлисида тўпланишганди. Тўпланган фуқаролар асосан Жуқорғу Кенеш ишини танқид қилди.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон парламенти 13 июн куни махсус комиссияни ташкил этган ва у олиб борган иш якунида Атамбаев олтита жиноятга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилинган.
Жуқорғу Кенеши 20 июнда хулосани тасдиқлаб, бош прокуратурага юборди.
25 июнь куни мамлакат бош прокурори Ўткурбек Жамшитов собиқ президент эҳтимол беш жиноятларга алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди. Хулосани кўриб чиқиш учун парламентга юборилди. Бироқ бугун бу масала кун тартибига кирмади.