ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Россия Давлат думаси учинчи ўқишда малакали мигрантлар учун Россия фуқаролигини олиш тартибини соддалаштирувчи қонунни қабул қилди. Ҳужжат парламентнинг қуйи палатаси сайтида эълон қилинган.
Қонун билан малакали хорижий фуқароларнинг Россия Федерацияси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш учун зарур бўлган меҳнат фаолияти муддати қисқартирилди.
Эндиликда Россияда касби бўйича бир йил фаолият юритган малакали хорижий фуқаролар Россия фуқаролигини олиш учун мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Илгари бу муддат уч йилни ташкил қиларди.
Мазкур имтиёз Россияда махсус рўйхатга киритилган касблар, мутахассисликлар ва лавозимлар бўйича ишлайдиган мутахассисларга берилади.
Мазкур қонун лойиҳаси 2018 йил 7 июндаги тўғридан-тўғри мулоқотнинг сўнг Владимир Путин топшириғига биноан ишлаб чиқилган. Ҳужжат юқори малакали хорижликларни Россияда ишлашга жалб этишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия президентининг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Татьяна Москалькова Владимир Путинга берган ҳисоботида собиқ СССР аҳолиси Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиши кераклигини таъкидлаган эди.