ТОШКЕНТ, 25 июн - Sputnik. Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбарияти ва маъсул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
ОАВ вакиллари билан мулоқот давомида тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишида рекламанинг ўрни муҳимлиги, у ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасидаги асосий боғловчи восита экани қайд этилди.
Қўмита вакиллари томонидан тайёрланган тақдимот орқали ташқи реклама тушунчасига шарҳ бериб ўтилди. Таъкидланишича, “Реклама тўғрисида”ги қонунга кўра, алоҳида махсус конструкцияларда, тахталавҳаларда, экранларда, биноларда, иншоотларда, йўл чеккаларида, кўча ёритгичларининг таянчлари ва ҳоказоларда жойлаштириладиган реклама — ташқи реклама саналади.
Журналистлар билан савол-жавоблар вақтида мавзу рекламадан қўмита ваколатидаги масалаларга кўчди. Мухбирлардан бири “Ўзбекистон ҳаво йўллари” монопол ташкилот экани ёки эмаслиги ҳақидаги саволга ойдинлик киритилишини сўради.
“Биз айнан шу мавзуда мақола тайёрлаб қўйган эдик, ҳозир қисқача изоҳ беришга ҳаракат қиламан. Монополист деган тушунчани аниқ белгилаб берадиган мезонлар бор. Агар бирор кохона ёки тузилманинг бозордаги улуши 50 фоиздан кўп бўлса, у монополист ҳисобланади. Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг улуши 50 фоиздан кўп ва ўз-ўзидан аёнки, у монополия субъекти саналади”, - деди Қўмита раиси ўринбосари Бекзод Умматов
Журналистлар “Қонун чиқарувчи орган келгусида Ўзбекистонда монополия билан шуғулланадиган ташкилотлар камайиши айтилган, лекин ҳозирча улар камайгани йўқ. Яқин келажакда уларнинг сонини қисқартириш бўйича қандай ишларни амалга ошириш кўзда тутилган?”, деган савол билан мурожаат қилишди.
“Сиз нимага асосланиб уларнинг сони камаймаган деб ҳисоблайсиз? Агар сиз айтаётган гап “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, GM Uzbekistan ёки “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамиятига таллуқли бўлса, унда тўғри. Лекин умуман, иқтисодиётдаги рақобат муҳити хусусида тўхталадиган бўлсак, вазиятга фақат шу ташкилотлардан келиб чиқиб баҳо бериш унчалик тўғри эмас”, дея саволга савол билан жавоб йўллади Бекзод Умматов.