ТОШКЕНТ, 18 июн – Sputnik. Абхазияда ноодатий кийим кийган шотландиялик эркакни дўппослашди, деб хабар қилмоқда Россия ижтимоий тармоқлари.
Ушбу воқеа 14 июнь куни Рица қўли яқинида содир бўлган. Туристлар автобусдан тушиб табиат манзараларини томоша қилаётган вақтда маҳаллий ёш йигит шотландия эркакларининг анъанавий кийими кильт (юбка) кийган эркакка мушт тушира кетган. Турист ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлган.
Ушбу воқеага ижтимоий тармоқларда турлича муносабат билдирилди. Бировлар шотландиялик турист бораётган жойининг урф-одатларини билмаслигида айблашган бўлса бошқалар абхазиялик мезбонни “ёввойиликда” айблашди. Иккинчи гуруҳдагилар сони кўпроқ бўлди десак хато бўлмайди.
Маълумот учун, Абхазия – Кавказ ҳудудида жойлашган кичик республика бўлиб асосан туризм ва виночилик саноатидан даромад олади. Республика аҳолисининг 64 % - насронийлар, 14 % - мусулмонлар.