ТОШКЕНТ, 17 июн – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Андижон шаҳрида президент ташрифи арафасида эҳтиёжманд аёлларга уй берилиб, президент кетганидан сўнг уйлар қайтиб олингани ҳақидаги вазиятни ўрганиб чиқди,Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан кўзбўямачиликка йўл қўйилганини аниқлади, деб хабар қилмоқда муассаса.
“Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Андижон вилояти ҳокимлиги мутасаддилари 5 нафар эҳтиёжманд ишчиларга коттеж берилишини ваъда қилиб, улардан бу ҳақида оммавий ахборот воситаларига интервьюлар олинишига эришиб, коттежларга уларни уй эгаси сифатида киритиб қўйиб, бироқ якунда уларга коттеж ажратмасдан, кўзбўямачиликка йўл қўйган”, - дейилган хабарда.
Ушбу муносабат билан Бош прокуратура Андижон вилоят ҳокими номига зудлик билан айбдор шахсларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш ҳамда бу каби ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилган.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон 24” телеканали орқали 2019 йил 31 март, 3 май ва 16 май кунлари “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” МЧЖнинг уй-жойга муҳтож бўлган 6 нафар ишчилари иштирокида, уларга совға сифатида коттеж берилганлиги ҳақида лавҳалар кўрсатилган, 16 май куни улар оила аъзолари билан бирга ушбу коттежларга киритиб қўйилган. Президент ташрифи якунланганидан сўнг, ушбу уйлардан бештаси олиб қўйилган.