ТОШКЕНТ, 13 июн – Sputnik. Умид Аҳмаджонов ЎФА биринчи вице-президентлигидан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Бу ҳақда ЎФА хабар қилди.
Бир вақтнинг ўзида Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти сифатида ҳам фаолият юритиб келаётган Умид Аҳмаджонович чет элга хизмат сафарлари кўплиги боис ЎФАдаги мансабини топшириш ҳақида ариза ёзган.
"Осиё Олимпия кенгаши вице-президентлиги ниҳоятда масъулиятли вазифа. Келаси йил Токиода Олипия ўйинлари бошланади. Мазкур мусобақага вақт кам қолмоқда. Хизмат сафарлари кўп. Шу сабабдан Ўзбекистон футбол ассоцицияси вице-президентлигидан бўшаш бўйича ариза ёздим. Ўйлашимча, ўтган вақт давомида ўзбек футболи ривожи учун астойидил меҳнат қилиб, қўлимиздан келган барча чора-тадбирларни амалга оширдик. Буларнинг самараси аста-секин кўзга ташланмоқда. Шу ўринда юртимизда спорт ривожига, хусусан, футбол ривожига катта аҳамият қаратиб келаётган муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичга, барча зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман", - деган Умид Аҳмаджонов.
Эслатиб ўтамиз, Аҳмаджонов жорий апрелида Марказий Осиё футбол ассоциацияси (МОФА) раҳбарлигидан кетган эди, май ойида эса Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президентлигидан истеъфога чиққан эди.