ТОШКЕНТ, 7 июн – Sputnik. Тошкент вилоятида “Ғишткўприк” божхона пости орқали “Николай” тангаларини олиб ўтишга уринган шахс тўхтатиб қолинди.
Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарида айтилишича, “Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали қўшни давлатга йўл олган фуқаро М.М.нинг қўл юки белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, назорат-рентген аппаратида шубҳали тасвирлар акс этди.
Шундан сўнг, ушбу қўл сумкаси холислар иштирокида ва белгиланган тартибда очиб кўздан кечирилди.
Натижада, унда божхона назоратидан яширилган, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган, қиймати 6 400 000 сўмлик, вазни 16 граммни ташкил қилган 2 дона 1898 йилда, 1 дона 1899 йилда ва 1 дона 1900 йилда ишлаб чиқарилган “Б.М.Николай” ёзувли тилла тангалар борлиги аниқланди.
Бундан ташқари ушбу постда яна бир ҳолат аниқланди. Қозоғистондан пиёда ҳолда кириб келган фуқаро С.Ё.нинг ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди. Шундан сўнг, ушбу фуқаро шахсий кўрикдан ўтказилди. Натижада, унда божхона назоратидан яширилган, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, оғирлиги 172 грамм бўлган, сариқ металдан ясалган, қиймати 51 600 000 сўмлик, 3 турдаги заргарлик буюмлари борлиги маълум бўлди.