ТОШКЕНТ, 4 июн – Sputnik. Инновациялар билан шуғулланувчи “Ростех” концерни собиқ Иттифоқ даврида машҳур бўлган “Зенит” фотоаппаратларининг янгиланган моделини ишлаб чиқариш бошланганини хабар қилди.
“Zenit M” деб домланган янги камера Германиянинг “Leica” концерни билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқарилган. Орқа томонида “Deigned in Krasnogorsk Russia” деган ёзув бўлишига қарамасдан, ушбу фотоаппарат Германиядаги Leica заводида ишлаб чиқарилади. Унинг ташқи кўриниши, бошқарув органлари Leica M240 моделининг ўзгинаси, фақат қадимги “Зенит Е”га ўхшаши учун олд томонида иккита қирра пайдо бўлган.
Асосий янгилик - унинг объективида. Камерага Россияда ишлаб чиқарилган Zenitar 35 mm f/1.0 объективи ўрнатилган. Ушбу объектив автфокусга эга бўлмаса-да, энг замонавий объективлар қаторидан ўрин олиши аниқ. Ахир унинг ёруғлик кучи - f/1.0. Янги объективни синаб кўрган фотосуратчилар айтишига қараганда унинг “юмшоқ бокэ” эффекти жуда чиройли ва такрорланмас экан.
Ичида замонавий матрица ва электрон қисмлар ўрнатилган бўлишига қарамасдан, ушбу фотоаппаратнинг бошқарув тизимлари аксарияти механик услубда қолган, ҳеч қандай автоматика йўқ. Яъни суръат олиш вақтингизда сиз кадрнинг фокусини ҳам, экспозициясини ҳам қўлда бошқаришингиз керак бўлади.
Металл ва чармдан ясалган оғир фотоаппарат, албатта, ҳаммага ҳам манзур келмайди. Унда суратга олиш учун ҳар бир кадрни аввал ҳисоб-китоб қилиш, кейин металл ҳалқаларни айлантириш ва оғир тугмани оғиста босиш керак. Механик камера “лаззати”ни фақат тажрибали, яна бир неча камераларга эга бўлган, балким ёши бироз каттароқ кишилар тушунса, ажаб эмас.
Фотоаппарат нархи ҳам айнан ана шундай кишилар ҳамёнига боп - 6000 $. Ишлаб чиқарувчилар ҳам буни яхши билишади, шекилли, улар Zenit M аппаратларидан фақат 500 дона ишлаб чиқарилишини эълон қилишган.