ТОШКЕНТ, 4 июн - Sputnik. Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Президент ушбу байрам эзгулик ва инсонпарварлик, меҳр-шафқат каби буюк фазилатлари намунаси эканлигини, оила, элу юрт билан биргаликда қутлуғ ва барокатли кунларга етказгани учун беҳисоб шукроналар айтилишини қайд этган.
Рамазон ойининг файзу тароватидан баҳраманд бўлиб, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш, муҳтарам нуронийлар, аёллар ва болаларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларга беғараз ёрдам бериш сингари савобли ишларни амалга оширишга интиламиз.
Бундай олижаноб мақсад ва ҳаракатлар эса мамлакатни тараққий топган давлатлар қаторига олиб чиқиш, халқни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотларнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг.
Бу йил муборак Рамазон кунларида Термиз шаҳрида Ҳаким Термизий, Тошкент шаҳрида Сузук ота ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби улуғ уламоларимизнинг номлари билан аталган диний мажмуалар, жоме масжидлари фойдаланишга топширилгани, жойларда беш ташаббус ва бошқа ижтимоий-маънавий дастурлар доирасида эл-юрт, хусусан, ёшлар ва хотин-қизлар учун қулай меҳнат ва турмуш шароитлари яратилаётгани бу йўлдаги янги қадамлар бўлди.
Ўзбекистоннинг "Жаҳолатга қарши – маърифат" деган тамойил асосида жаҳон миқёсида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, виждон эркинлиги ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини халқимиз ва дунё аҳлига етказиш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Мирзиёев шу улуғ айём кунларида узоқ ва яқин давлатларда яшаётган мўмин-мусулмон биродарларни, барча дўст ва ҳамкорларни самимий қутлаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик ва барқарорлик, тараққиёт ва фаровонлик тилаган.
Ўзбекистон раҳбари Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифдан иқтбос келтирган: “Чинакам мусулмон ўзига раво кўрган барча яхшиликларни бошқа инсонларга ҳам раво кўради”.
Дарҳақиқат, ҳаётда эзгу ва савоб амалларни бажариб, оиласи, фарзандлари, эл-юртининг бахту саодатини ўйлаб, ҳалол меҳнат қилиб яшаш мусулмон аҳли учун иймон-эътиқоднинг муҳим шарти ҳисобланади.
"Ишончим комил, дину диёнатимиз ва замон руҳини қалбимизга чуқур сингдириб, бугунги ҳаётнинг ўткир талаби бўлган илм-фан, инновация ва тараққиёт ютуқлари билан қуролланиб, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилсак, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта етамиз", - дея ўз табригини якунлаган президент ва барчага сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларга файзу барака тилаган.
Ўзбекистонликларни Саида Мирзиёева ҳам табриклашга шошилган. У ўз Instagram ида отасининг суратини жойлаган ва бу сурат қисқа фурсатда интернетда хитга айланди.