ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида республиканинг қўшнилар борасида омади келганини маълум қилди.
“Қўшнилар борасида омадимиз келган деб ҳисоблайман. Бизнинг Россия, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон, бошқа Ўрта Осиё давлатлари каби қўшниларимиз бор. Лекин, биринчи навбатда, Россия ва Хитой ҳақида гапирадиган бўлсак - БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлган икки буюк давлат, албатта, омадимиз келган. Чунки биз савдо қилиш ва доимо бир биримиз билан мулоқот қилиш имкониятига эгамиз”, - деди Токаев.
Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирар экан, у мамлакатлар ўртасидаги алоқалар "мутлақо ажралмас" ва "узоқ тарихий ўтмишга асосланган" эканини таъкидлади, шунингдек, ушбу тарихий фактни эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини маълум қилди.
Қозоғистонда муддатдан олдинги сайловлар жорий йилнинг 9 июнь куни бўлиб ўтади. Президентликка номзод сифатида етти киши, шу жумладан, Nur Otan партиясидан илгари сурилган Токаев ҳам рўйхатдан ўтган.