ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Адлия вазирлиги 2019-йил 1-июндан Ўзбекистон қонунчилигида ўзгаришлар ҳақида эслатиб ўтди.
1. 2019 йил 1 июндан электротехника саноати ташкилотларига:
- рангли металл парчалари ва чиқиндиларини қайта ишлаган ҳолда ишлаб чиқаришда фойдаланишга рухсат берилди;
- рангли металл парчалари ва чиқиндиларини топшириш прогноз кўрсаткичлари белгиланмайди.
2. 2019 йил 1 июндан давлат хизматлари марказларида фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъий назар давлат хизматларини экстерриториал тамойил бўйича олиши мумкин.
Давлат хизматларини олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар Марказлар орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланади.
Давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ва ташкилотлар давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотларни ўзларининг маълумотлар базаларига ва ахборот тизимларига электрон кўринишда киритиб борадилар.
3. 2019 йил 1 июндан бошлаб:
- ижро иши юритишни қўзғатиш ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ижро иши қўзғатилади (бундан аввал 3 кун ичида қўзғатилган);
- ижро ҳаракатлари кўпи билан икки марта кечиктирилиши мумкин;
- ижро ишида тайинланган мутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур.
4. 2019 йил 1 июндан фуқаролар йиғинлари ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашлари раисларининг биринчи ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.
5. 2019 йил 1 июндан “Навоий” ЭИЗ қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига республикадан чиқмасдан узайтириш имконияти билан, 3 йил амал қиладиган “инвестиция визаси” берилади.
6. 2019 йил 1 июндан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ходимлари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,7 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилади.
7. 2019 йил 1 июндан қимматбаҳо металларни сотиб олиш учун берилган банк кредитлари фоиз харажатларининг қайта молиялаштириш ставкасидан ошадиган, бироқ кредитлар бўйича 5 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмида қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация қилиш орқали заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади.