ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Тошкент вилоятининг Бекобод туманида ёнғин оқибатида бир оиланинг уч нафар аъзоси ҳалок бўлди.
ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, 28-май куни Тошкент вилояти Бекобод тумани ЁХБ диспетчерлик хизматига Бобур фермерлар уюшмаси, Маърифат кўчаси 2-уйда ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига зудликда 5 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин бартараф этилган. Ёнғиндан уйнинг 90 кв.метр майдони сақлаб қолинган ва қўшни хонадонларга аланганинг ўтиб кетиши олди олинган. Ёнғин оқибатида уйнинг 100 кв.метр майдонда томи, шифти ва ички жиҳозлари ёниб зарарланган.
“Ёнғинни ўчириш вақтида уй эгаси 1986 й.т. фуқаро Ф.А, унинг 1989 й.т. рафиқаси М.А.нинг қисман куйган ва тутундан димиққан ҳолда жасадлари топилган. Уларнинг 2017 й.т. ўғли З.М. қисман куйган ва тутундан димиққан ҳолда қутқарилиб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган”, - дейилади хабарда.
Дастлабки суриштирув ишлари давомида хонадоннинг чиқиш йўлаги очиқ аланга билан қопланганлиги ва деразаларига темир панжаралар ўрнатилганлиги сабабли уй эгалари ёнғин ҳудудидан чиқа олмаганликлари маълум бўлган.
Ёнғиннинг тахминий сабаби электр тизимида юзага келган авария натижасида деб гумон қилинмоқда.
Ҳозирда ёнғин ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ишлари туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.