ТОШКЕНТ, 28 май – Sputnik. Ўзбекистон ва Германия музокаралари якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими ўтказилди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
Ўзаро ҳамкорликка доир ҳужжатлар имзолаш маросимида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
- Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар баённомаси;
-“Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси билан “Фольсваген Груп Рус” компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Битим;
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан Германия Федератив Республикаси Атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш ва ядро хавфсизлиги вазирлиги ўртасида газ чиқиндиларини камайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация;
- Ўзбекистон Республикаси Ҳуқумати билан Германия Федератив Республикаси Ҳукумати ўртасида ахборот алмашиш ва ўзаро муҳофаза қилиш тўғрисида битим;
- Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан “Integra компанияси” ўртасида “Vamed Engineering” компанияси билан ҳамкорликда Тошкентда Ядро тиббиёт ва нур терапияси марказини ташкил этиш тўғрисида битим.
Эслатиб ўтамиз, Франк-Вальтер Штайнмайер кеча 27 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Тошкетга келган эди.
Кўксаройда Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайерни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг икки давлат президентларининг тор ва кенг доирадаги учрашувлари бўлиб ўтди.