ТОШКЕНТ, 21 май – Sputnik. Бош прокуратура матбуот хизмати Бекобод шаҳрида содир бўлган қотиллик ҳақида хабар қилди.
Хабарда айтилишича, 20 май куни соат 14:00 ларда Бекобод шаҳар, Ўзбекистон маҳалласи, Истиқбол кўчаси, 22-уйнинг рўпарасида жойлашган чиқиндихонада Бекобод шаҳар, Меъмор (Аббасова) кўчасида яшовчи фуқаро Р.М.нинг (1975 й.т., аёл киши) мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.
Воқеа жойига зудлик билан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқдилар.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда мазкур оғир жиноятни фош этиш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.