ТОШКЕНТ, 21 май – Sputnik. 18-19 май кунлари Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги Фай, Гулистон маҳаллалари ва Тошқувур қишлоқларида сел келиши оқибатида кўплаб хонадонларга оғир шикаст етди. Бу ҳақда Zanews нашри хабар қилди.
Хабарда айтилишича, айрим аҳоли томорқаси, кўчалар, Фай маҳалласига қарашли Зиёвуддин ва Нурафшон каби қишлоқларда сел босган. Ҳозирча жабрланган ва талофатлар ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
“18 май куни Қоратепа, Тошқувур қишлоқларининг аҳолиси кечаси соат 22:00 дан бошлаб зудлик билан яқин тоғ устига яъни, "Ором" ва "Висол" тўйхоналарига эвакуация қилинган. Фай маҳалласи аҳолиси эса 19 май тонги соат 02:40 да зудлик билан маҳаллага яқин қир-адирга чиқишган”, - дейилган хабарда.
Туман раҳбарияти томонидан сел оқибатларини бартараф этишнинг тезкор чоралари кўрилмоқда.