ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг Украина янги президенти Владимир Зеленскийдан ҳафсаласи пир бўлди. Бунга Зеленскийнинг Қримни Киев назорати остига қайтарилиши ҳақидаги сўзлари сабаб бўлди. Бу ҳақда Қодиров ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
“Сиз ҳақингизда бошқа фикрда эдим. Омадли, тажрибали ва машҳур шоумен доно ва соғлом фикрли сиёсатчи бўлади деб ўйлагандим, сиз эса дарҳол ўзганинг мулкига кўз олайтирдингиз. Яхши қўшнилар бундай қилмайди. Сиздан ҳафсалам пир бўлишга мажбурман”, - дея ёзган Чеченистон раҳбари.
Қодировнинг фикрига кўра, Зеленский ва унинг келажакдаги давомчилари Қрим Россиянинг қисми бўлгани ва абадий шундай бўлиб қолишини ёдда сақлашлари керак.
Шунингдек, Қодиров Украина янги президентига тарихни ўрганишни маслаҳат берди.
Шу билан бирга, Рамзан Қодиров Владимир Зеленскийнинг инаугурация маросимида сўзлаган нутқини “океан ортидан туриб таҳрир қилишган” деб тахмин қилди. У агар Россияга ўзганинг ерлари керак бўлганда, Украина аллақачонлардир Россия ғарбидаги вилоят маркази бўлган бўлиши мумкинлигини қўшимча қилди.
“Лекин Россия ҳеч қачон бу ишга қўл урмайди. Биз қардош украин халқининг мамлакат ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиламиз”, - дея хулоса қилди Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 май куни Владимир Зеленский Украина президенти лавозимига киришди. Инаугурация маросимида Олий радани тарқатиб юборишини эълон қилди.