ТОШКЕНТ, 18 май- Sputnik. Шоир Муҳаммад Исмоил 17 май куни вафот этган ҳофиз Ортиқ Отажонов ҳақида хотиралари билан ўртоқлашди.
"Инсон ҳарқанча довруқли, ҳарқанча забардаст бўлмасин у бир чимдимгина меҳрга ҳамиша зор экан. У ўзи тоғдай юксалиб турсада, заррача меҳрга муҳтож, заррача меҳрга илҳақ, заррача меҳр олдида бўйин эгиб турар экан.
Турмуш ўртоғи Гулсара Отажонова вафот этгандан сўнг, Ортиқ Отажоновни бу дунёда ҳеч нарса ушлаб туролмади. Мени Гулсара чақираяпти,- дедилар бир кун Ортиқ ака. – Усиз мен бу дунёни кўтараолмайман. – У билан уришардим, у билан жанжаллашар эдим, лекин унинг учун яшардим, уни хурсанд қилиш учун бутун дунёни унинг оёқлари остига ташлар эдим. У кетди, мен учун дунё ҳувиллаб қолди. Қайси томонга қарасам, менга унинг кўзлари кўриниб туради. Мени у чақираяпти. Мен уни ёлғиз ташлаб қўёлмайман!
Ундай деманг, Ортиқ ака деб қанчалик ялиниб ёлворсак ҳам, Ортиқ ака унсиз йиғлаб юборар эдилар. Бир куни, -Юринг, Гулсарани қабрига борамиз, Қуръон тиловат қиласиз, бир паст ўша ерда ўтириб қайтамиз, дедилар. Бордик. Борсак, - Гулсаранинг ёнида менга жой бормикин, деб қабр ёнига узала тушиб ётиб олдилар. – Туринг, Ортиқ ака деб, қанчалик ялиниб ёлворсакда, ўкраб йиғлайвердилар.
Бугун мана шундай буюк қалб эгаси, буюк иқтидор ва буюк овоз соҳиби Ортиқ Отажонов ҳаммамизни лол қолдирганча бу кўҳна оламни тарк этдилар.
Минг минглаб одамнинг тўйида хизмат қилган, шодлик ва қувонч бахш этган, ҳаётларига завқ ва сурур ато этган инсон бизни индамайгина тарк этмоқда. Биздан шундоқ юзини бурганча кетиб бораяпти. Алвидо устоз! Отам каби меҳрибоним, отам каби ғамхўрим алвидо! Сизни яхши кўрамиз! Юрагимизни юлиб кетдингиз, алвидо! Оллоҳ сафарингизни хайрли қилсин! Биздан Гулсара онамизга салом айтинг отажон!", - деб ёзган Муҳаммад Исмоил.