ТОШКЕНТ, 18 май - Sputnik. Самарқанд вилоятидаги 13 та объект атрофида бепул ва пулли Wi-Fi зоналари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, пулли ва бепул Wi-Fi зоналари Регистон майдони; Самарқанд халқаро аэропорти; Темирйўл вокзали; Ҳазрати Хизр масжиди; "Афросиёб" музейи; "Амир Темур" мақбараси; "Хўжа Дониёр" мақбараси; "Шоҳи Зинда" ансамбли; Улуғбек расадхонаси; "Бибихоним" мажмуаси; Ал-Бухорий мажмуаси; "Сиёб" бозори ва Улуғбек автошохбекатида ташкил этилган.
Ҳозирги кунда Wi-Fi зоналари сонини ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.
Юқорида кўрсатилган объектларда Wi-Fi га уланганда, фойдаланувчига бепул ва пулли Wi-Fi тармоғига уланиш таклиф этилади.
Фойдаланувчи бепул тармоқни танласа, унга 30 секундли реклама ролиги кўрсатилади, ушбу роликни кўриб бўлгандан сўнг бепул Интернет тармоғидан фойдаланиши мумкин. Интернетга уланиш тезлиги 1 Мбит/с гача бўлади.
Агар фойдаланувчи пулли Интернетга уланмоқчи бўлса, унда унга Интернет тармоғидан фойдаланиш давомийлиги вақти таклиф этилади. Фойдаланувчи 1, 3, 9, 24 соат ва 1 ҳафта давомида Интернет тармоғидан фойдаланишлардан бирини танлайди, уларнинг нархи ҳам турлича бўлиб, мос ҳолда 1000, 2000, 4000, 6000 ва 24000 сўмни ташкил этади.
Тошкентда Wi-Fiдан фойдаланиш нуқталари янада кўпаяди >>>
Фойдаланувчи ўзига керакли тарифни танлаб, тўловни Click ёки Payme тизимлари орқали амалга оширади ва Интернет тармоғига уланади. Ушбу ҳолатда фойдаланувчининг Интернет тармоғига уланиш тезлиги 10 Мбит/с гача бўлади, дейилган хабарда.