ТОШКЕНТ, 15 май – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россиянинг "Росатом" атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, олий даражада эришилган келишувларни рўёбга чиқариш доирасида илғор технология ва билимларни жалб этган ҳолда мамлакатда биринчи атом электр станциясини қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида "Ўзатом" агентлиги ташкил этилган ва фаолият юритмоқда. Мамлакатда атом энергетикасини ривожлантириш бўйича ўн йилга мўлжалланган концепция қабул қилинган.
Бўлажак АЭС учун майдон танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотларининг биринчи босқичи якунланди, халқаро талабларга мувофиқ лойиҳанинг атроф-муҳитга таъсири баҳоланмоқда ва техник ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Аҳолини атом энергетикаси ва ядровий технологияларнинг ривожи тўғрисида кенг хабардор қилиш мақсадида бугун "Ўзатом" агентлиги биносида Атом технологиялари ахборот маркази очилди.
Маълум қилинишича, янги ўқув йилидан Тошкентда ММФИ миллий тадқиқот ядровий университет филиали ўз ишини бошлайди.
Учрашувда мамлакатда қабул қилинган "йўл харитаси" асосида АЭС қурилиши лойиҳасини сифатли тайёрлаш ва амалга оширишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш масалалари кўриб чиқилгани қайд этилган.