ТОШКЕНТ, 14 май - Sputnik. Марказий банк ва VISA халқаро тўлов технологиялари компанияси Ўзбекистонда рақамли тўлов инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини биргаликда амалга ошириш бўйича ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар қилди.
Меморандумга кўра, томонлар Ўзбекистонда рақамли тўловлар инфратузилмасини биргаликда яратиш, янги рақамли тўлов маҳсулотларини жорий этиш йўли билан электрон тўловларни қабул қилиш тармоғини кенгайтириш ва рақамли тўловларни ривожлантиришга қаратилган меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишади.
Шунингдек, томонлар бутун мамлакат бўйлаб карталарни қабул қилишни кенгайтириш ва электрон тижоратни ривожлантириш дастурларини банклар ва савдо субъектларига рискларни бошқаришнинг ишончли воситаларини тақдим этиш орқали амалга оширишга келишиб олдилар.
Хабарда ҳамкорлик доирасида томонлар маҳаллий банклар билан мобил ва электрон тўловлар хавфсизлигини таъминлаш учун карта ҳисоб рақамларини белгилашни (токенлаштириш) жорий этиш, шунингдек, хатарлар ва фирибгарлик операциялари бўйича маълумотлар алмашиш бўйича иш олиб боришни режалаштирилаётгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Mastercard халқаро тўлов тизими ва Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) ўртасида мақсадлар тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу фуқароларга карта билан дунё бўйлаб тўловни амалга оширишга ҳамда жамоат транспортида – метро, автобусларда йўл кира тўловини амалга оширишга имкон беради.