ТОШКЕНТ, 13 май – Sputnik. Жанубий Кореянинг Сеул шаҳридаги квартирада жорий йил 9 май куни содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ўзбекистонлик Фаррух Мўминовнинг жасади Тошкентга жўнатилди.
ТИВ хабарига кўра, ёнғин чоғида иккинчи даражали куйиш олган талаба Мутал Йўлдошев “Ҳанил” касалхонасига жойлаштирилган, унга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. 11 май куни жабрланувчининг отаси ва акаси Сеул шаҳрига етиб келган. М.Йўлдошев таълим олган “Ҳанкук” университети кўмагида уларга яшаш жойи борасида ва бошқа масалаларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатилган.
Хабарда ҳозирда Жанубий Корея томони ёнғин сабабларини аниқлаш учун тергов ҳаракатларини давом эттираётгани қайд этилган.