ТОШКЕНТ, 13 май – Sputnik. Фарғона шаҳрида Хитой билан ҳамкорликда, тошдан қоғоз ишлаб чиқарувчи қўшма корхона қурилмоқда, деб хабар қилмоқда ЎзА.
Ушбу инновацион лойиҳанинг умумий қиймати 7 миллион доллар бўлиб, у Хитойнинг «Ningbo Stone Paper Environmental Friendly Materials Co.LTD» компанияси ва “Сайқал” савдо ишлаб чиқариш корхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Замонавий технологиялар асосида фаолият кўрсатувчи корхона ишга тушгач, бир йилда бу ерда 9 минг тонна қоғоз ишлаб чиқарилиб, 60 та янги иш ўрни яратилади. Эслатиб ўтамиз, айни дамда Ўзбекистон ҳар йили 120 минг тоннадан ортиқ офсет ва газета қоғозлари сотиб олади.
Мазкур импорт ўрнини босувчи лойиҳа борасида келишув Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниевнинг 25-27 апрель кунлари Хитойда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида иштироки давомида меморандум имзолаган эди.
–Бугунги кунда сифатли тош қоғоз маҳсулотларига талаб бутун дунёда ортиб бормоқда, – дейди лойиҳа ташаббускори Абдураҳмон Ниёзов. – Сабаби унда экологияга ҳеч қандай зарар етмайди, балки оддий тош ёки кальцийдан фойдаланилади. Лекин тош қоғознинг сифати целлюлоза қоғозникидан бутунлай фарқ қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 6-7 май кунлари амалга оширилган ташрифи давомида Фарғона вилоятида 2019-2020 йилларда қиймати 40,4 триллион сўм бўлган 624 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши белгилаб олинган эди. Уларнинг негизида 49 мингдан зиёд иш ўрни яратилиши режалаштирилган.