ТОШКЕНТ, 11 май – Sputnik. Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Сўгалли ота зиёратгоҳи ёнида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номида янги қурилган мажмуага ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги улкан мажмуа 2 гектардан зиёд майдонда қурилган бўлиб, унинг таркибида масжид, конференц-зал, ўқув хоналари музей ва таҳоратхоналар жой олган. Мажмуага яқин жойдаги Сўгалли ота мақбараси ҳам таъмирланган, атрофи тозаланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан 1 йил олдин, 2018 йилнинг февраль ойида Шавкат Мирзиёев ушбу жойга келиб, масжидни кенг ва кўркам қилиб қуриш бўйича топшириқлар берган эди.
Маълумки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлган. Турли диний-маърифий мавзуларда юздан зиёд китоблар ёзиб, ислом дини моҳиятини тўғри етказиш, одамларнинг билим ва маънавиятини оширишга катта ҳисса қўшган.
Шавкат Мирзиёев ушбу масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига муносиб бўлганини таъкидлаб у кишининг илмий меросини ўрганиш, маърифат ва одоб-ахлоқ мавзуларида кўпроқ китоблар чоп этиш, жамиятимиздаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар берилди.