ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Андижон вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди.
Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармасининг хабар қилишича, 5 май куни Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида фуқаро ўзининг “Дамас” русумли автомашинасини Маданият маҳалла ҳудудида ҳайдаб кетаётган вақтда бошқарувни эплай олмай қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Оқибатда эса шу ерда ҳаракатланиб келаётган бошқа фуқаро бошқарувидаги НОWO русумли юк автомашинаси билан тўқнашув содир этган.
“Натижада “Дамас” автомашинаси йўловчиси, ҳайдовчининг турмуш ўртоғи 60 ёшли А.К. жароҳат олиб воқеа жойида ва ҳайдовчи касалхонага келтирилганида вафот этганлар. Шунингдек, қолган йўловчилари, ҳайдовчининг келини 32 ёшли М.Т. ва унинг 2 ёшли қизи С.Х.лар жароҳат олиб касалхонага ётқизилганлар”, - дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.