ТОШКЕНТ, 3 май - Sputnik. Икки ярим йиллик фаолиятимиз учун "Олтин қалам" мукофотининг жамоамизга берилиши - бу мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг шабодаси, деди бугун "Туркистон" саройида "Олтин қалам" XIV Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида Бош совринни қўлга киритган ХПК раҳбари Шерзод Қудратхўжаев.
"Журналистика, эркинлик ҳақида гапирганда хаёлимга Нобель мукофоти совриндори, таниқли француз публицисти, журналисти Альберт Камюнинг гапи келади. У айтади: "Эркин журналистика "яхши" ва "ёмон" бўлиши мумкин. Эркин бўлмаган журналистика фақатгина "ёмон" бўлади. Мен эса бу гапга эркин бўлмаган бўлса у журналистика эмас, дея қўшимча қилган бўлар эдим. Пресс Клубда цензура йўқ, тақиқ йўқ. Бугун биз фақат ички цензурамиздан холи бўлишимиз, бироз жасурроқ, довюракроқ бўлишимиз керак. Бизга шу етишмаяпти, холос", - деди тақдирлаш маросимидан сўнг Шерзод Қудратхўжаев.
ХПК раҳбари шунингдек, эркинлик, журналистика, оммавий ахборот воситалари - бу синоним сўзлар эканини ва Ўзбекистон журналистларида яқин вақтдан шундай эркин фикрлаш имконияти пайдо бўлганини, Ўзбекистонда ОАВ бугун мутлақо бошқача ривожланаётганини қўшимча қилди.
"Журналистлар олдида кўплаб масалалар турибди, халққа яқин бўлишда, бугунги ислоҳотларни кўрсатишда ҳалиям қарздормиз, қилинган ишимиздан қилинмагани кўп", - деди ўз нутқи якунида Қудратхўжаев.