ТОШКЕНТ, 3 май - Sputnik. Хитой "Бир камар - бир йўл" сингари лойиҳалар орқали чет давлатларда ўз ҳарбий базалари сонини кўпайтиришни кўзламоқда, дейилади Пентагон докладида.
Доклад муаллифлари "Хитой етакчилари ўсиб бораётган иқтисодий, дипломатик ва ҳарбий вазндан регионал устунлик ўрнатиш ҳамда мамлакатнинг халқаро таъсирини кенгайтириш учун фойдаланмоқда", - деган фикрни илгари суришган.
Улар шунингдек, Хитой "Бир камар - бир йўл" сингари лойиҳаларни илгари суриши - бу лойиҳалар хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида чет элда ҳарбий базаларни кўпайтириш заруратига олиб келиши мумкин", - деб таъкидлаганлар.
АҚШ ҳарбий идораси шунингдек, Хитой дўстона муносабатлар ўрнатган ва стратегик манфаатлари ўхшаш бўлган Покистон сингари мамлакатларда ҳам қўшимча ҳарбий базаларни ташкил этишга интилишини иддао қилган.
АҚШ Пекинни "хавфсизлик ва ҳарбий соҳада ўз стратегик мақсадларини амалга оширишга қулай бўлган натижаларга эришиш учун АҚШ ва бошқа давлатлардаги ОАВ, бизнес вакиллари, академик ва сиёсий доиралар, шунингдек халқаро институтларга таъсир кўрсатиш бўйича операцияларни ўтказаётганликда айбламоқда.
"Бир камар - бир йўл" концепцияси - Марказий Осиё, Европа ва Африкадаги 60дан ортиқ давлатларни бирлаштирувчи янги савдо-транспорт йўлакларини ташкил этиш ва эскиларини мукаммаллаштириш бўйича Хитой томонидан илгари сурилган халқаро ташаббусдир. Лойиҳа ушбу давлатларнинг Хитой билан савдо муносабатларини ривожланишига ёрдам бериши керак.
"Ипак йўли иқтисодий камари"ни шакллантириш ғояси ХХР етакчиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган ва у бу ҳақда илк маротаба 2013 йилнинг сентябрида Қозоғистонга уюштирган расмий сафари давомида Остонада сўзлаган нутқида гапирган.
Лойиҳанинг илк форуми 2017 йил май ойида ўтган, унда 29 нафар етакчилар иштирок этишган.