ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида иштирок этиш учун 24-27 апрель кунлари амалий ташриф билан Пекин шаҳрида бўлди.
Давлат раҳбарининг Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан учрашувида мамлакатлар ҳамкорлигининг янги истиқболлари белгилаб олинди.
Шунингдек, Беларусь, Тожикистон президентлари, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси билан учрашувлар ўтказилди.
Президент “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида иштирок этиб, нутқ сўзлади, минтақавий ҳамкорлик учун долзарб аҳамиятга эга қатор ташаббусларни илгари сурди.