ТОШКЕНТ, 24 апр - Sputnik. Ўзбекистон мактабларида пуллик таълим хизматлари ташкил этилади. Бу Ҳукуматнинг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида пуллик таълим хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низомида кўзда тутилган.
Низомга мувофиқ, пуллик таълим хизматлари зарур моддий-техника базаси ва тегишли педагог ходимларга эга бўлган мактабларда ташкил этилади.
Маълум қилинишича, пуллик таълим хизматлари шартнома асосида кўрсатилади. Мазкур хизматларга ўқувчиларни мажбурий жалб этиш тақиқланади.
“Пуллик хизматлар учун тўлов кам таъминланган оилалар фарзандлари учун умумий нархнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади”, - дейилади ҳужжат матнида.
Таъкидланишича, битта гуруҳда машғулотларда қатнашувчиларнинг сони 35 нафардан ошиши мумкин эмас. Пуллик хизматлардан тушадиган маблағнинг 50 фоизидан кам бўлмаган қисми педагог ўқитувчиларга берилади.
Шунингдек, пуллик хизматлар учун ҳақ банклар орқали тўланади, тўловни мактабда амалга ошириш тақиқланади.