ТОШКЕНТ, 22 апр — Sputnik. Шри-Ланкада янги портлаш содир бўлди. Бу ҳақда РИА Новости Рейтер агентлигига таянган ҳолда хабар қилмоқда.
Агентликнинг маълум қилишича, портлаш Шри-Ланканинг Коломбо шаҳрида содир бўлган. Сапёрлар кеча теракт содир этилган черков ёнида топилган бомбани зарарсизлантиришга уринишаётган вақтда юк машинаси портлаб кетган.
Шри-Ланкада якшанба куни Пасха байрами маросимида 8 та портлаш содир бўлди. Коломбо, Негомбо ва Баттикалоа шаҳарларидаги учта черков ва учта меҳмонхонага ҳужум қилинган. Еттинчи портлаш оролнинг ғарбидаги Дехивала шаҳрида, саккизинчиси эса Дематагода туманида содир бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари оролнинг энг йирик халқаро аэропорти Бандаранаике яқинида амалга оширилиши мумкин портловчи мосламани йўқ қилишга муваффақ бўлишган.
Ҳужумнинг асосий мақсади маҳаллий насронийлар бўлган.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Шри-Ланкада католик Пасха байрами вақтида содир этилган 8 та портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 290 нафарга етди, яна 500 нафарга яқин киши жароҳатланган. Ҳозирда теракт уюштирганликда гумонланиб, 24 киши қўлга олинган.
Шри-Ланки президенти Майтрипала Сирисена мазкур ҳолатни ўрганувчи махсус қўмита ташкил қилишни буюрди.