ТОШКЕНТ, 21 апр – Sputnik. Самарқанд тарихи, аждодларимиз мероси Жанубий Корея президентида катта таассурот қолдирди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга ошираётган Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин кеча 20 апрель куни Самарқанд шаҳрида бўлди. У ерда Шавкат Мирзиёев ва Мун Чже Ин рафиқалари билан тарихий обидаларни кўздан кечиришди.
Давлат раҳбарлари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонаси ва музейини томоша қилишди. Ундан сўнг “Афросиёб” музейида бўлишди.
“Афросиёб” музейи – мўғуллар истилосигача бўлган даврда Самарқанд маркази бўлган қадимий Афросиёб шаҳри қазилмалари ёнида жойлашган. Ушбу музейда намойиш қилинган қ адимий фрескалардан бири Жанубий кореялик меҳмонларда катта таасурот қолдирди. Унда қадимий Афросиёб деворида 7 асрда Самарқанд ҳукумдори томонидан Корея – Когурё элчисини қабул қилиш маросими акс эттирилган.
“Жанубий Корея Президенти ушбу тарихий суратни ҳайрат ва эътибор билан томоша қилар экан, халқларимиз ўртасидаги алоқалари узоқ ўтмишга бориб тақалишини, бу дўстлик ва ҳамкорлик бундан кейин ҳам бардавом бўлишини таъкидлади”, - дейилган хабарда.
Шунингдек Корея президентга Регистон майдони, Гўр-Амир мақбараси, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш қилинди ва Амир Темур давлатчилик сиёсати, ҳарбий маҳорати, турли мамлакатлар билан дипломатик алоқалари ҳақида сўзлаб берилди.
Бугун 21 апрель куни Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистонга давлат ташрифини якунлаб Кореяга жўнаб кетди.