ТОШКЕНТ, 18 апр – Sputnik. Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида 10 кунлик чақалоғини 10 млн сўмга сотган она қўлга олинди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг хабар қилишича, департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими ходимлари томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилади.
Тадбир натижасида Шаҳрисабз шаҳар, “Ипак-йўли” М.Ф.Й.да яшовчи фуқаро 2019 йил 8 апрель куни туғилган қиз фарзанди бошқа фуқарога 10 млн сўмга сотиб, ўз хоҳиши билан сотганлиги ҳақидаги тилхатни ёзиб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлими акушер-гинекологи фуқаронинг янги туғилган қиз фарзандини гўёки ўлди деб хабар бериб, бу ҳақда ҳеч қандай маълумот қайд этмаган. У чақалоқни 100 доллар эвазига бошқа фуқаро дунёга келтиргани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштириш орқали сотиб юборганлиги аниқланган эди.