ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Андижон вилояти ФВВ тезкор навбатчилик қисмининг қутқарувчилари тоғда йўқолган болани топишди. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 14 апрель куни фуқаро Андижон вилояти ФВВ тезкор навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, Хўжаобод туманида яшовчи 2002 йилда туғилган фуқаро дўстлари билан тумандаги “Имом ота” дам олиш масканига сайр қилишга чиққанлиги ва кутилмаганда тоғ тепалигидан пастга қулаб кетганлигини маълум қилган. Қутқарув ишларида амалий ёрдам беришни сўраган.
Чақирув бўйича бошқарма бошлиғи раҳбарлигида Қутқарув отрядининг 5 нафар қутқарувчиси 2 та техникада тезкорлик билан кўнгилсиз ҳодиса юз берган жойга бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб боришган. Қидирув ишларига йўқолган фуқаронинг дам олишга бирга чиққан 3 нафар ҳамроҳи, дам олиш маскани ишчилари, маҳаллий аҳоли вакиллари ҳамда туман ички ишлар бўлими ходимлари жалб этилган.
“Ўз вақтида ва астойдил олиб борилган қидирув ишлари натижасида йўқолган йигит эртаси куни соат 10.00да тоғли ҳудудда беҳуш ҳолда топилди”, - дейилади хабарда.
Эҳтиётизлик оқибатида жабрланган фуқарога воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Хўжаобод тумани шошилинч тез ёрдам бўлимига юборилган.
Таъкидланишича, унинг бош ва ўнг қўл элка аралаш қисмида шикастланишлар борлиги аниқланган ва айни пайтда унинг саломатлиги қониқарли аҳволда ва тиббий ходимлар назоратида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Олмазор туманида собиқ ИИББ ходими сувда чўкаётган аёл ва унинг икки қизини қутқариб қолгани ҳақида хабар қилган эдик.