ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik, Дмитрий Ключевский. Новосибирскда илк бор ташкил топган ва аллақачон ўнлаб давлатларда оммалашган "Оммавий диктант" акцияси 2019 йил 16-бор ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси ушбу халқаро тадбирда илк бор иштирок этди, дарвоқе, ташкилотчиларнинг тан олишича, рус тилига қизиқиш бу қадар кучли бўлишини ва диктант ёзиш истагида бўлганлар сони бу қадар кўп бўлишини улар очиғи, кутмаган.
Sputnik Ўзбекистон агентлиги Ўзбекистоннинг ушбу регионида ахборот ҳамкор сифатида иштирок этди, камтарин қулингиз эса ўзини диктатор ролида синаб кўрди.
Оммавий истак
Ўзбекистон "Оммавий диктант"да биринчи йил иштирок этаётган эмас – Тошкент ва Наманганда мана бир неча йилдан буён юзлаб одамлар "буюк ва қудратли" тил бўйича ўз билимларини синаб кўриш учун белгиланган вақт ва жойда тўпланадилар. Бу акцияга бефарқ бўлолмаган қорақалпоғистонликлар ташаббус кўрсатим, республиканинг энг катта регионида "оммавий диктант" тадбирини ўтказишга қарор қилдилар. Бу истакни аҳоли ҳам қўллаб-қувватлади – "сарафан радиоси" Қорақалпоғистонда халқаро маданий-оммавий грамматика акцияси бўлиб ўтиши ҳақидаги хабарларни интернет-тармоқлариданда катта тезликда тарқатди. Фуқаролардан бўлаётган телефонлар қўнғироқларининг чеки йўқ, уларни тадбир икир-чикирларидан тортиб, иштирокчиларга қўйиладиган талабларгача қизиқтирар эди.
Табиийки, бундайин кўламдаги ташкилий жиҳатдан кичикроқ референдум ёхуд муайян ҳудуддаги аҳолини рўйхатдан ўтказишга янглиғ диктантни ўтказиш давлат органлари кўмагисиз амалга оширилмайди. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, маҳаллий Рус маданий маркази, шунингдек, диктант ўтказиш учун ўз майдонини тақдим этган ТАТУ филиали администрацияси ва ўтган шанбада барча хоҳловчиларни очиқ чеҳра билан кутиб олган бошқа таълим даргоҳлари бу ишда бош ёрдамчилар сифатида иштирок этишди.
"Интернет орқали рўйхатдан ўтганлар сони кўп бўлмади, лекин бу асосий кўрсаткич эмас. Интернетга юкланган ҳужжатни тўғри тўлдиришни ҳамма ҳам бирдек уддалай олмайди, одамлар аниқ жойга паспорт билан келишни ва аввалгидек рўйхатдан ўтиш орқали иштирокчига айланишни маъқул кўрадилар. Биз Нукусда 500 га яқин иштирокчилар бўлишини кутяпмиз", - деди бир кун аввал региондаги лойиҳа координатори Муҳаммад Каипбергенов.
Тиббиёт коллежининг охирги курс талабаси Муҳаммад, тиббий таълимга эга бўлганлиги ва келажакда бу соҳада ўқишни Россияда давом эттириш истагида эканлигига қарамай, рус тили ва адабиёти, журналистикага меҳри ҳамиша бўлакча бўлган. У анча вақтдан буён ўз она шаҳрида диктантни ўтказишни хоҳлар ва бу ишни ниҳоят амалга оширганидан бугун ниҳоятда мамнун эди.
Нукусга авиапарвозим осон кечмади - самолёт аввал Тошкентга қўнди, сўнг Нукусга учдик, йўлга деярли 10 соат вақтим кетди. Аммо Муҳаммад худди шу куни эрталаб Тошкентдан Нукусга келганини ва минг километрдан ортиқ масофани 16 соат ичида босиб ўтганини эшитгач, логистик мушкулотларим менга шунчаки енгил сайрдек туюлди.
"Кутишимиз бўйича иштирокчилар кўп бўлади. Шу боис ҳаяжон ҳам йўқ эмас, ҳаммага жой етармикин, бланка ва ручкалар билан барчани таъминлай олармикинмиз деган ҳавотир ҳам бор, аслида. Бизда бундай тадбир илк маротаба ўтказилмоқда, бу биз учун шарафли ва масъулиятли иш. Регионлардан бутун бошли синф билан ёки гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиш истагини билдирганлар бор", — дейди координатор. Унинг сўзларидан у бу ишдан ниҳоятда фахрланаётганини ҳис этаман. Айтганча, "Оммавий диктант" иштирокчилари бўйича прогнозлар икки карра ортди, майдонлар сони эса 3 баробардан ошди.
Дастлабки ҳисоб-китоблардан сўнг ойдинлашдики, Қорақалпоғистон Республикасида ушбу акцияда 14та аҳоли пункти ва 18та майдонларда 1035 киши қатнашди. Бундай дебют билан пойтахтдаги "Оммавий диктант" тадбири миқёсига тезда етиб олиш мумкин.
Оддий юрак ҳақидаги мураккаб матн
13 апрель куни, яъни "Оммавий диктант" ўтказиладиган кун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот ва технологиялар университети филиали биносига белгиланган вақтдан эртароқ келдим. Бугун камина бу ерда россиялик ёзувчи ва адабий танқидчи Павел Басинский томонидан акция учун махсус ёзилган матнни диктант ёзувчиларга ўқиш билан машғул бўлади.
Регламент бўйича диктаторлар - акцияда матн ўқувчиларни худди шундай аталади — тадбир бошланишига бир соат қолганда тайёр диктант матни билан танишиб чиқадилар. Бир қарашда, Николай Васильевич Гоголь ижодига бағишланган матн фрагменти оддийдек кўринади. Лекин уни бир неча бор ўқигач, у ер-бу ерида муайян нозик сўз маънолари, грамматик конструкция ва мураккаб формалар борлигини илғай бошлайсиз. Шу тариқа, "Оддий юрак" деб номланган матн унчалик оддий эмаслиги маълум бўлиб қолди.
ТАТУ филиалида барча хоҳловчиларни жойлаш учун жами тўртта майдон ташкил этилган эди. Энг катта гуруҳ юз кишини сиғдирадиган актив залда ўрин олди. Қолган иштирокчилар диктантни бундан анча кичик аудиторияларда ёзишди. Хоҳловчилар оқимининг кескин ортиб кетгани кутилмаганда диктаторлар билан боғлиқ муаммони юзага келтирди. Шу боис, матн ёзиш учун акцияга ташриф буюрган филолог ва ўқитувчиларни диктант ўқувчи ролига таклиф этдилар.
Акция иштирокчилари таркиби ҳар доимгидек турфа эди — бу ерда бешинчи синф ўқувчиларидан тортиб, педагоглар, амалдорлар, истеъфодаги пенсионерларнида кўриш мумкин.
Мисол учун, Қорақалпоғистон халқ таълими вазирлиги ўринбосари Азат Худайбергенов, Республика ўқув-методик маркази раҳбари Кууанч Жубанов ва Республика ўқув-методик маркази раҳбари ўринбосари Айбек Даулетбаев "Оммавий диктант"ни масофадан туриб ёздилар. Залда бошқа иштирокчилар қаторидан, худди тиришқоқ ўқувчи сингари Қорақалпоғистон Рус маданий маркази раҳбари Галина Александровна Зоркина ҳам жой олган эди.
Барча маъмурий ва ташкилий масалалар ҳал этилгач, тўпланганларга видеоёзув орқали муаллифнинг ўзи матнни ўқиб берди. Аудитория янги синов олдидан жим қолди.
— В поэме Гоголя "Мертвые души", — дея диктантни ўқий бошладим мен…
— Ие, ахир бу роман эмасми? — дея қўққисдан савол берди биринчи қаторда ўтирган катта ёшдаги иштирокчилардан бири.
— Фикримча, терминология бўйича муаллифнинг ўзига мурожаат қилган маъқул, — табассум қиламан мен филологик мунозарага эҳтиётлик билан чап берар эканман.
Аудитория темпини жуда тез пайпаслай олдим, фақатгина узун қўшма гапли жумлалар бўлгандагина улгурмаётганлар топилар эди. Мен ифода билан керакли фрагментларни ажратиб ўқишга интилдим. Бир марта ҳатто ўқувчиларга ёрдам беришга ҳаракат ҳам қилдим, аммо кейин маълум бўлдики, бу ишим уларга кўпам фойда бермаган эди.
Диктант матнини ўқиш бир соатдан ортиқ вақт олмади, шундан сўнг, ҳар қандай назорат иши ёки тест якунидан кейин сингари "имтиҳончилар" орасида ғала-ғовур бошланди. Улар хатога йўл қўйган-қўймаганликларини, тўғри ёзганликларини билиш учун диктантдаги у ёки бу шубҳали жойларни қизғин муҳокама қилишга киришиб кетган эдилар.
Аудиториядаги суҳбатлардан билдимки, кўплар "новых чичиковых" деган жойини қаҳрамон номини катта ҳарф билан ёзиб, хатога йўл қўйган бўлса, яна кимдир "мертвые души"ни қўштирноққа олмаган, ёки аксинча, "ловец душ" деган сўзни қўштирноққа олиб хатога йўл қўйган эди.
Аммо энг мураккаби - диктантнинг иккинчи ярмидаги гап бўлиб, бу ерда уч қатор гапда иккита икки нуқта қўйилиши талаб этиларди. Кўпчилик эса равишдошли оборотга чалғиб, айёр белги ўрнига оддий вергул қўйган эди.
"Диктант нега "Оддий юрак" деб номланган? Бунга изоҳ берилмади, аслида эса бу ҳаммага қизиқ эди", - деди Қорақалпоғистон Рус маданий маркази раҳбари Галина Зоркина, тортиниб ўз ишини текширишга топширар экан.
Аммо мураккаб пунктуацияга қарамай, ўз натижасига ишонган иштирокчилар ҳам оз эмас эди. Нима ҳам дердик, диктантдан олинган баҳолар тез орада маълум бўлади - апрель ойи охирида ҳар бир иштирокчи шахсий маълумотлари ёки код сўзни киритиб, сайтда ўзи ёзган ишни топиши ва неча балл олганини кўриши, шу билан бирга айнан қаерда хатога йўл қўйганини билиши мумкин.
Диктант якунида Қорақалпоғистондаги рус маданий маркази раиси Галина Зоркинани суҳбатга чорлайман.
Галина Александровнанинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистондаги "Оммавий диктант" сўнгги ўн йилликларда бироз унутила бошлаган анъаналарнинг қайта жонлангани белгиси бўлиб, у чинакам байрамга айланди. Одамлар рус тили ва маданиятини соғиниб қолишди, сўнгги йилларда ўз фарзандларини русийзабон боғчалар ва рус тилида дарс бериладиган мактабларга бера бошладилар.
"Ҳозир Ўзбекистоннинг янги президенти мамлакатда рус тилини қўллаб-қувватлаш учун кўп ишларни амалга оширмоқда: рус синфлари очилмоқда, кўплаб маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ҳам хурсандчилик бағишласа, ҳам умид беради, демак, тил билиш - ҳаёт сари йўл эканига шубҳа қолмайди", - дейди хурсандчилигини яширмай марказ раҳбари.
Аёлнинг сўзларига кўра, бундай таъсирли дебютдан сўнг, "Оммавий диктант" Қорақалпоғистон ва Ўзбекистоннинг бошқа регионларида ҳам жадаллик билан оммалашишда давом этади. Галина Александровна ва унинг ҳамкасбларидаги Пушкин, Лермонтов ва Толстойлар тилига бўлган кучли муҳаббати кучини кўриб, аёл сўзларига ишонаман, худди шундай бўлишига шубҳам қолмайди.