ТОШКЕНТ, 11 апр – Sputnik. “Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
Қарор лойиҳасига “Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низом” илова қилинган.
Ҳужжатда айтилишича, Марказий банк томонидан аҳолининг инвестицион ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш мақсадида турли ўлчамлардаги ёмбилар муомалага чиқарилади. Ёмбиларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари ва тижорат банклари орқали амалга оширилади.
"Ёмбилар сотуви жисмоний шахсларга нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида, юридик шахсларга тўловни пул маблағлари ўтказилиши йўли билан амалга оширилади", - дейилган лойиҳада.
Ёмбиларнинг сотув нархи ҳар куни, миллий валютада, қимматбаҳо металлнинг Марказий банк томонидан белгиланадиган 1 грамм нархи ва Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланган маржага асосан белгиланади ҳамда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Ёмбиларни қайтариб харид қилиб олиш банк шохобчалари орқали амалга оширилади.
Қайтариб харид қилиб олишда, қадоғи бузилган ёки шубҳали ҳолатдаги ёмбилар, банк шохобчалари томонидан уларни Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасига техник экспертизадан ўтказиш учун юборишга асос бўлади.
"Ёмбиларнинг асиллик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган техник экспертиза учун тўлов ёмбилар эгаларидан ундирилмайди", - дейилган қарор лойиҳасида.
Ҳужжат лойиҳаси 26 апрелгача муҳокама қилинади.