ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Бугун 10 апрель куни Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Хитойда бўлиб ўтаётган “Бир камар, бир йўл” халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик форумида маъруза ўқиди, деб хабар қилмоқда ҳокимият матбуот хизмати.
Самарқанд вилояти делегацияси Хэнан провинциясининг Чженчжоу шаҳрида ўтказилаётган “Бир камар, бир йўл” халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик форумида иштирок этди.
12 та давлат расмий вакиллари ва 400 га яқин ишбилармонлари иштирок этаётган мазкур форумда Самарқанд вилояти инвестиция, савдо-экспорт ва туризм салоҳияти ёритиб берилди.
Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Самарқанд ҳақидаги маъруза ва тақдимоти форум иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Делегация аъзолари хорижий компания вакиллари билан музокаралар олиб боришди.
Вилоят делегацияси аъзолари 10-12 апрель кунлари ўз фаолиятини Шаньдун провинциясининг Цзинань, Шоугуань ва Циндао шаҳарларида давом эттиради, дейилган хабарда.