ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. GM Uzbekistan Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасининг компания автомобилларининг туманга қарши фараларсиз етказиб берилганлиги ҳолатлари аниқланганлиги бўйича хабари юзасидан расмий маълумот берди.
Хабарда таъкидланишича, автомобилларни туманга қарши фараларсиз харидорларга етказилиш ҳолатлари мазкур бутловчи қисмнинг етказиб берилишида кечикиш юзага келганлиги сабабли харидорларни огоҳлантирган ва улар билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Автомобилларни эгаларига ўз вақтида етказиб бериш мақсадида компания уларни вақтинча туманга қарши фараларсиз, кейинчалик ўрнатиб бериш шарти билан қарор қабул қилган.
“Туманга қарши фараларнинг Монополияга қарши курашиш қўмитасининг талаби билан қўйиб берилганлиги ҳақиқатга тўғри келмайди, сабаби автомобилларга мазкур бутловчи қисмларни ўрнатиб бериш GM Uzbekistan компанияси томонидан доимий назоратда бўлган ва бу ҳақда харидорлар ҳам огоҳлантирилган”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бугун айрим оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан GM Uzbekistan автомобилларининг туманга қарши фараларсиз етказиб берилганлиги ҳолатлари аниқланганлиги бўйича хабар эълон қилинган эди.