ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Нью Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича йирик акция ўтказилди, деб хабар қилмоқда Туризмни ривожлантириш қўмитаси.
Тадбир давомида Uber ва Lyft компанияларининг йўловчи ташиш лицензияларига эга бўлган ўзбекистонлик таксичилар Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг суратлари акс эттирилган ҳамда Ўзбекистоннинг туризм ахборот веб-сайтлари манзиллари кўрсатилган ёрлиқларни ўз автомобилларига ёпиштиришди. Хабарда айтилишига кўра, АҚШда 2000 дан ортиқ ўзбекистонликлар Uber лицензиясига эга экан.
“Шу билан бирга, “Ўзбекистонга ташриф буюришнинг 10 та сабаби” номли инглиз тилидаги брошюралар кейинчалик йўловчиларга тақдим этиш учун такси ҳайдовчиларига тарқатилди”, - дейилган хабарда.
100 дан ортиқ автомобиллар иштирокидаги тадбир жараёни интернет тармогъида тўғридан-тўғри онлайн трансляция қилинди ҳамда маҳаллий ОАВда ёритилди. Тадбир давомида транспорт воситалари ёрдамида тайёрланган ва дрон ёрдамида суратга олинган “I LOVE UZ” ёзуви намойиши эса кутилмаган воқеа бўлди.
Маълумот учун, ушбу тадбир Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консуллиги ҳамда “Ватандош” диаспора ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил март ойида АҚШда кенг нишонланган Наврўз байрами доирасида, Калифорния, Иллинойс, Вашингтон ва Пенсилвания штатларида Ўзбекистонинг тарихий шаҳарлари акс эттирилган, автомобилларга ёпиштириш учун мўлжалланган ёрлиқлар ҳамда “Ўзбекистонга ташриф буюришнинг 10 та сабаби” брошюраларини тарқатиш каби тадбирлар ўтказилган эди.