ТОШКЕНТ, 8 апр - Sputnik. Тошкентнинг Бектемир ва Мирзо Улуғбек туманларида зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари (шелтерлар) очилди. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Марказларда халқаро тажрибаларга таянган ҳолда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга ўз вақтида манзилли ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш каби ишлар амалга оширилади.
Мазкур шелтерлар Бектемир-Миробод-Яшнобод ҳамда Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлараро реабилитация марказлари саналади.
Марказларда зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлганда, уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш ишлари ташкил этилган. Шунингдек Марказ фаолияти доирасида аёлларни у ёки бу касбга тайёрлаш бўйича ёрдам кўрсатилади.
Ҳудди шундай реабилитация марказларини Сергели-Яккасарой, Шайхонтоҳур-Олмазор, Мирзо Улуғбек-Юнусобод, Учтепа-Чилонзор туманлараро Марказлари сифатида очиш режалаштирилган.
Шелтерлар жойлашган аниқ манзиллар аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сир тутилади.
Бугунги кунда оғир аҳволдаги аёлларга ёрдам бериш мақсадида Республика доирасида ягона қисқа 1146 рақамли — “ишонч телефони” ишга туширилган.